"Навоийуран" ДК "Зафаробод" кон бошқармаси тасарруфидаги 2-Геотехнологик кон ҳудудида жойлашган, 2007 йилгача геотехнологик участкалар учун сиқилган ҳаво ишлаб чиқарувчи компрессорлар жойлашган бинони қайта реконструкция қилиш орқали босқичма-босқич янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи “Бурғилаш ускуналарининг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш участкаси” ишга туширилди. Жорий йилда участкага 20 та замонавий металларга ишлов берувчи замонавий дастгоҳлар олиб келиб, ўрнатилди.
Ушбу участкада маҳаллийлаштириш дастури доирасида жорий йилда 29 турдаги эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш ҳамда
1 млрд. сўмлик ишлар бажарилиб, қарийб 400 млн сўм маблағ иқтисод қилинишига эришилади. 2026 йилгача маҳсулотлар сонини 35 тага етказилиб, 2 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш белгиланган. Маҳаллийлаштириш даражасини эса
90 фоизга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, 15 та янги иш ўрни яратилди.
Бугун, 14 июль куни ушбу участканинг очилиш маросимида “НКМК” АЖ, “Навоийуран” ДК ва “Зафаробод” кон бошқармаси раҳбарияти, мутахассислари, муҳандис-техник ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Очилиш маросимида “Навоий кон металлургия комбинати” АЖ Бошқарув раиси – Бош директори Қ.Санақулов ҳамда Конимех туман ҳокими Р.Рўзиевлар йиғилганларни табриклаб, ушбу участканинг кейинги фаолиятига муваффақиятлар тилади.
Тадбир давомида участканинг ташкил этилишида жонбозлик кўрсатган ва фаол ишчи-ходимлар корхона раҳбарияти томонидан рағбатлантирилди.
Шундан сўнг, рамзий ленталар қирқилиб, иштирокчилар участка фаолияти, яратилган шарт-шароитлар, техник ва технологик модернизация ишлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналари билан яқиндан танишдилар.
Тантанали маросим якунида байрамона дастурхон безатилиб, меҳмонларга ош тортилди.
"Навоийуран" ДК ахборот хизмати