Awesome Image

МУҲИМ ҚАРОР ИЖРОСИГА БАҒИШЛАНГАН ЙИҒИЛИШ БЎЛИБ ЎТДИ

“Навоийуран” ДКда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июлдаги “2022-2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-319-сон қарорида белгиланган вазифаларнинг корхона бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассислари томонидан сўзсиз бажарилишини ва корхонанинг ишлаб чиқариш мақсадли параметрларини таъминлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўришга бағишланган видеоконференцалоқа шаклида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда корхона бош директори ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, корхона бўлинмаларининг бош муҳандислари, бош муҳандис ўринбосарлари, бош мутахассислари, бўлимлар ва хизматлар бошлиқлари, шунингдек, ҳудудий ишлаб чиқариш майдонлари раҳбарлари, темир йўл участкалари, автотранспорт участкалари бошлиқлари, устахоналар, участкалар бошлиқлари, катта усталар иштирок этишди.

Дастлаб, “Навоийуран” ДК бош директори Ж.Хасанов томонидан давлатимиз раҳбарининг муҳим тарихий қарори ва унинг ижросига қаратилган корхонанинг 247-сонли буйруғи мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари, шунингдек, қарор билан корхона зиммасига юклатилган вазифалар, келгусидаги режалар юзасидан батафсил маълумот берилди.   

 

Жумладан, 2030 йилга келиб уран минерал хомашёси базасини 100 минг тоннага етказиш, табиий уран маҳсулотини ишлаб чиқаришни икки бараварга ёки 7100 тоннага ва аммоний перренатини 1,7 баробарга ёки 3700 килограммга етказиш, корхона иқтисодий салоҳиятини тўлақонли намойиш этиш мақсадида уран захиралари ва ресурслари геологияси, уларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, миллий ва халқаро стандартлар асосидаги молиявий ҳисоботлари бўйича маълумотларни расман эълон қилиш бўйича чекловларни олиб ташланганлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, янги конларни очишни таъминлашга йўналтирилган геология-қидирув ва илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш, уларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, “Навоийуран” ДК трансформациясини жадаллаштириш орқали замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, моддий-техник, молиявий ва меҳнат ресурсларидан унумли фойдаланиш, шунингдек, геология-қидирув ишларидан бошлаб юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча бўғинларда ягона рақамлаштирилган тизимни жорий этиш бўйича истиқболдаги режаларга алоҳида ва батафсил тўхталиб ўтилди.

2022 йилга мўлжалланган геология-қидирув йўналишида 713 минг метр бурғилаш ишларини бажариш, уран захираларини 6 550 тоннага ва ресурсларини 12 500 тоннага кўпайтириш бўйича тасдиқланган прогноз кўрсаткичларини танқидий кўриб чиққан ҳолда, белгиланган топшириқларни жадаллаштириш лозим, дейилди йиғилишда.

Қарорда белгиланганидек, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимидаги “Уранкамёбметгеология” АЖнинг уран, нодир ва камёб металлар қазиб олиш бўйича истиқболли майдонларни ўрганишга йўналтирилган барча активлари ва мажбуриятлари “Уран ва камёб металлар геологияси” илмий ишлаб чиқариш маркази сифатида ҳамда “Nurlikum mining Uzbek-French joint venture” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасидаги Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг улуши “Навоийуран” ДКга ўтказилади. Мазкур жараёнларни сифатли ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда амалга ошириш бўйича масъулларга аниқ ва мақсадли топшириқлар берилди.

Шунингдек, Ж.Хасанов “Навоийуран” ДКни ривожлантириш ва трансформация қилиш бўйича “Йўл харитаси”да белгилаб берилган вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириш механизмлари ҳақида тўхталиб ўтди ҳамда трансформация жараёнлари учун масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди. Таъкидланганидек, 2030 йилга қадар корхона томонидан уран қазиб олиш ва қайта ишлашни кўпайтириш мақсадида қарийб 500 млн долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Мазкур инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш учун уларнинг ишчи лойиҳалари, техник иқтисодий асослари ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасини пухта ва мукаммал тайёрлаш ҳамда инвестиция лойиҳалари доирасида лойиҳаолди ва лойиҳа-ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун хорижий ва маҳаллий консалтинг-лойиҳалаш компанияларини жалб қилинишини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Корхона ташкилий тузилмасида трансформация жараёнларини тўлақонли жорий этиш мақсадида Лойиҳа офиси ташкил этилади, шунингдек, рекрутинг ташкилотлари ҳамда “Orano Maining” компанияси (Франция) мутахассислари билан биргаликда “Бошқарув ходимлари қобилиятини ривожлантириш” дастурини ишлаб чиққан ҳолда, корхона ходимларини хорижий олий таълим муассасаларида ҳамда етакчи хорижий компанияларда тизимли равишда малакаси оширилади.

Йиғилиш давомида бош директор ўринбосарлари, бўлинма раҳбарлари ва бўлим бошлиқларининг кун тартибидаги масала юзасидан ҳисоботлари эшитилди.

Бундан ташқари, қарор ижросини таъминлаш, ушбу қарор билан тасдиқланган дастурга киритилган инвестиция лойиҳалари ва йўл хариталарининг ўз муддатларида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш, йиллар кесимида босқичма-босқич бажарилиши мониторингини юритиш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилишда кўрилган ҳар бир масала чуқур танқидий-таҳлил қилиниб, ушбу масалаларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича масъул бўлинма ва хизматларнинг мажбуриятлари белгилаб берилди, муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

  "Навоийуран" ДК ахборот хизмати