Awesome Image

ИСТИҚБОЛДАГИ ҲАМКОРЛИК МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

Япониянинг “Itochu Corporation” корпорациясининг Ўзбекистондаги ваколатхона раҳбари Накаяма Шотаро бошчилигидаги делегацияси  “Навоийуран” давлат корхонасига ташриф буюришди. 

Учрашув давомида “Навоийуран” давлат корхонаси бош директори Жаҳонгир Хасанов “Itochu Corporation” корпорацияси билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва Япониянинг атом энергетика соҳасида табиий уран маҳсулотини қайта ишлаш ҳамда қўшимча қиймат яратиш борасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш масалалари бўйича ўз фикрларини билдирди. 

Мулоқот давомида ҳамкорликни янада кенгайтириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июлдаги “2022-2030 йилларда уран қазиб олиш ҳажмини ошириш, қайта ишлаш ва “Навоийуран” ДКни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-319-сонли қарорда белгиланган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, тоғ-кон ва транспорт ускуналари таъминоти, турли ишлаб чиқариш қувватларини қуриш ва кенгайтириш бўйича тажриба алмашиш масалалари муҳокама этилди.

Шунингдек, корпорациясининг Тошкент шаҳридаги ваколатхонаси мутахассислари томонидан “Itochu Corporation” корпорацияси фаолияти ҳамда Самарқанд шаҳридаги “SamAvto” МЧЖда ишлаб чиқарилаётган махсус автотранспорт воситалари бўйича тақдимотлари ўтказилди. 

Таъкидлаш жоиз, Япониянинг иккита йирик компанияси “ISUZU Motors” ва “Itochu Corporation” корпорацияси “SamAvto” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорлик қилади. Тақдимотда ушбу корхона масҳулотлари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилди. Бугунги кунда корхонада кичик, ўрта ва оғир юк кўтариш машиналари, турли махсус транспорт воситалари ва автобуслар ишлаб чиқарилмоқда.  

Дўстона ва самимий мулоқот руҳида ўтган учрашув якунида корпорация вакиллари келгусида янги лойиҳа ва йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш истагини билдиришди. 

“Навоийуран” ДК “Itochu Corporation” корпорациясининг энг ишончли ҳамкорларидан бири эканлиги таъкидланди. 

"Навоийуран" ДК ахборот хизмати